ҚЎЛ КАФТИ, БАРМОҚЛАР ВА УНИНГ ШАХСГА ТАЪСИРИ

Мувофиқликнинг уч белгиси бор. Булар асосан одамнинг қўлида, кўзида ва сўзида акс этади. Одамлар ҳам дарахтга ўхшайдилар. Дарахтнинг шоҳи тумтоқ  бўлса, унинг илдизи ночорлигидан далолатдир. Одам ҳам шунақа.

Агар инсоннинг қўли калта ва тумтоқ бўлса, шубҳасиз руҳияти бетайиндир. Бундай қўлли одам одатда тор фикрловчи, калтабин, аммо, айёр бўлади. Учрашув пайтида ўзини турли қиёфада намоён қила олади. У тулки мижоздир. Аммо, суҳбатдошига ўзини йўлбарс  қиёфасида кўрсата олади. Муҳаббат бобида етти ўлчаб, бир кесмоқ керак. Учрашувга таклиф қилган йигитнинг кафтлари юмуқ турса, ўтирганда тиззаларини жуфтлаброқ ўтирса, унга асло ишониб бўлмайди. Лекин сўзамоллик билан суҳбатни ўз қўлида ушлаб туради. Ўзини гоҳ сахий, гоҳ содда, гоҳ танти сифатида кўрсата олади. Латифа айтишга, қизиқарли воқеаларни тўқиб-чатиб сўзлашга ва ҳамиша жилмайиб туришга моҳирдир. Одатда у тинмай валдирайди, кўзлари бир жойда тўхтамайди ва ҳамиша ниманидир излаётгандай олазарак бўлиб туради. Гапирганда кўрсаткич бармоғининг учини бирор жойингизга тез-тез ниқтаб, эътиборингизни ўзига жалб қилиб қўяди. Ўзини бой-бадавлат оиладан эканлигига ишора ҳам қилиб қўяди. Аммо у аслида ўта қашшоқ ва зиқна.

Агар сизни учрашувга таклиф қилган йигитнинг қўли юмалоқ ва бармоқлари учли бўлса, улар уқувсиз, ёлғончи, қўрқоқ ва ғайратсиздир. У одатда тез гапиради. “Муҳаббат ўйини”га моҳирдир. Ўзини мард, фидокор, ғамхўр қилиб кўрсата олади. Чеҳрасидан табассум билан жиддийлик тез-тез алмашиб туради. Ўзини хокисор қилиб кўрсатишни ҳам ўрнига қўяди. Сизга тиқилиб қарайди. Хушомад билан чирой-чимматингиз бенуқсонлигингизни эслатиб ҳам туради. Илжайганда тишларини кўз-кўз қилаётганга ўхшайди. Сўзлаётганда тиззаларига уриб ўтиради. Сизни тилла буюмлар билан чалғитишга устамондир.

         Сизни учрашувга таклиф қилган йигитнинг қўли гўштдор, юмалоқ бўлса, ҳийла-найранг бобида устаси фарангдир. У бир қарашда очиқ кўнгил, “шалдур-шулдир” га ўхшайди. Кутилмаган таклифларни ўйлаб топиб, сизни зериктириб қўймайди ва унга беихтиёр боғланиб қолганингизни сезмай қоласиз. Майда-чуйда совғалар билан сизни ураб-чирмаб ташлаши мумкин. Жуда кўп раҳбарларнинг исм-шарифларини айтиб, улар билан шахсан танишлигини ёки қариндошлигини пеш қилиб туради. Битмаётган ҳар қандай ишни улар ёрдамида ўрнига қўя олишини таъкидлаш билан сизнинг эътиборингизни торта олади. Бундай одам аслида ўта нўноқ ва дангаса. Бугун айтган гапларидан эртасига тониб тураверади. Ўта бардошсиздир. У қизларга қўлдаги “ўйинчоқ” сифатида қарайди ва қаҳри қаттиқ, бераҳмдир.

Сизни базмларга таклиф қилиб, “сиздек гўзал қиз билан танишганидан мамнунлигини” таъкидлаб туради. Аслида бундай одамнинг қалби муҳаббатдан бенасибдир.

Сиз уч нарсага эътибор беринг.

  • Майнавоз, сохта ошиқларнинг кўзлари тўқ жигарранг ва қорачиғи сал юқорироққа қадалган бўлади. Яъни кўзининг орқасида яна битта кўз борга ўхшаб туюлади. Кўзлари сизга боққанида, ички ҳаёлотининг бошқа нарса билан бандлигини сезиш мумкин. Кўз қорачиғини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа кўчира олиши мумкин.
  • Сизга гапираётганда ўзи билмаган холда ўнг қўлининг кафтини кўксига қўйиб олади. Учлик бармоқларини кўпинча ўйнаб-сийпалаб ўтиради. Беихтиёр қўлларини силтаб, керилиши кузатилган. Гўё ўзларини реклама қилаётгандай қаддини тиккалаб, мағрурона қараш қилиб қўяди.
  • Пул, бойлик ҳақида кўпроқ гапиради. Тумтоқ қўлларини гоҳ у чўнтагига, гоҳ бу чўнтагига солиб, аллақандай қоғозларни ўрнини алмаштириши, бирдан жиддий тортиб, кимгадир телефон қилиши лозимлигини эслатиши мумкин. Сумкангизга тиқилиб қарайди. Баъзан бетоқат бўлиб, секин ўрнидан туриб кетиши мумкин.             

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 4 =

Akme Consalting !!!

Bizga qo‘shiling !

error: Ma\'lumotlar himoyalangan !!!