Қўл тести проектив тест бўлиб, у шахснинг агрессив хулқ – атворини башорат қилиш учун қўлланади. Тест 1962 йил Б.Брайклин, З.Пиотровски ва Э.Вагнерлар томонидан эълон қилинган (тест ғояси Э.Вагнерга тегишли).
Тест қўл кафтининг 9 хил тасвири туширилган карточкалар ва бир бўш карточкадан иборат. Синалувчига ҳар бир карточка кўрсатилиб, унда тасвирланган қўл ҳақида шундай савол берилади: “Сизнингча, ушбу қўл нима қилаётган бўлиши мумкин?” Агар синалувчи жавоб беришга қийналса, унга шундай савол берилади: “Сизнингча, бу қўлга эга бўлган одам нима қилаётган экан? Ҳаёлингизга қандай фикр келса, шуни айтаверинг”. Ҳар бир расм бўйича берилган жавоблар ёзиб борилади. Бўш карточка қуйидагича қўлланади: карточка охирида кўрсатилади ва аввал унда бирорта қўл кафтини тасаввур этиш, сўнгра у нима қилаётганини айтиб таклиф қилинади. Имкони борича ҳар бир расм бўйча 4 тадан жавоб олиш керак. Агар жавоблар сони 4 тадан кам бўлса, синалувчидан яна қандайдир фикри бор ёки йўқлиги аниқлаштирилади ва борди–ю унинг бошқа жавоби бўлмаса, 4 тага етиш учун нечта жавоб қолганини ҳисоблаб, шу сонни охирги жавоб рўппарасига ёзиб қўйиш керак.
Масалан, синалувчи 1 та жавоб билан чекланса, х 4 деб ёзиб қўйилади, агар 2 жавобдан бошқа жавоб бўлмаса, охирги жавоб тўғрисига х 3 деб ёзилади. Қўл кафтларининг тасвирини ҳар қандай ҳолатда тақдим этиш мумкин.
Ҳар бир расмдаги қўл қуйидаги 11 та категория бўйича баҳоланади:
1. Агрессия (АГ) – қўлнинг қандайдир зиён етказаётган, бирор нарсани ушлаб олаётган қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Тарсаки тортмоқда”, “Итармоқда”, “Туртиб юбормоқда”, “Ниманидир тутаяпти”, “Сиқмоқда”, “Чимчилаяпти”, “Урамоқда”, “Ўғирламоқда” ва ҳ.к.
2. Диррективлик (Дир) – қўлнинг бошқалар устидан ҳукмронлик қилувчи, бошқаларни бошқарувчи қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Тўхтатмоқда”, “Буйруқ бермоқда”, “Огоҳлантирмоқда”, “Кўрсатма бермоқда” ва ҳ.к.
3. Қўрқув (Қўр) – қўлнинг бошқалар агрессивлигининг қурбони ёки ўз – ўзига зарар етказаётган қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Мени бўғаяпти”, “Ўзини ҳимоя қилаяпти”, “Зарбани қайтаряпти”, “Урманг деб ёлвораяпти” ва ҳ.к.
4. Аффектация (Аф) – қўлнинг бошқаларга нисбатан ижобий муносабатни ифодаловчи қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Ким биландир кўришмоқда”, “Хуш келибсиз демоқчи”, “Кимнингдир бошидан силаяпти”, “Гул бераяпти”, “Садақа бераяпти” ва ҳ.
5. Коммуникация (ком) – қўлнинг бошқалар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилаётган қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Имо – ишоралар қилмоқда”, “Нимадир демоқчи”, “Кимдир билан келишиб олмоқчи”, “Ахборот алмашаяпти” ва ҳ.к.
6. Тобелик (Тоб) – қўлнинг бошқаларга тобе бўлган қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Илтимос қилмоқда”, “Ёрдам сўраяпти”, “Қўл бериб юборилишини кутаяпти”, “Қасам ичаяпти” ва ҳ.к.
7. Эксгибиционизм (Экс) – қўлнинг ўзини ҳар хил йўллар билан намойиш этишга уринаётган қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Узугини кўрсатмоқда”, “Пианино чалмоқда”, “Рақс тушаяпти”, “Тирноғидаги лакни кўрсатаяпти” ва ҳ.к.
8. Жароҳат (Жар) – қўлнинг лат еган ва нуқсонли, ҳаракатга қодир эмас қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Қалтираяпти”, “Бармоқлардан бири синган”, “Тирноғи синган”, “Касал одамнинг қўли” ва ҳ.
9. Актив шахссизлик (А-ш) – қўлнинг бошқа одамлар иштирокисиз ҳам бошланган ҳаракатни охирига етказа оладиган, аммо бунинг учун ўзининг фазодаги ҳолатини ўзгартириши лозим бўлган қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Игнадан ип ўтказаяпти”, “Судралаяпти”, “Сузаяпти”, “Тикаяпти” ва ҳ.к.
10. Пассив шахссизлик (П-ш) – қўлнинг бошқа одамлар иштирокисиз ҳам бошланган ҳаракатини охирига етказа оладиган ва бунинг учун ўзининг фазодаги ҳолатини ўзгартириши лозим бўлган қўл сифатида идрок этилиши. Масалан, “Ётибди”, “Дам олаяпти”, “Қимирламасдан турибди”, “Қуритилаяпти” ва ҳок.
11. Тасвирланиш (Тас) – қўлнинг бирор ҳаракатни бажараётган қўл сифатида идрок этилмай фақатгина тасвирланиши. Масалан, “Чиройли қўл”, “Катта қўл экан”, “Узун бармоқлар”, “Қўпол қўл” ва ҳ.
Агрессивликка мойилликни аниқлашда фақат 1,2,3,4,5,6 категориялар бўйича берилган жавоблар ҳисобга олинади. Қолган категорияларнинг агрессив хулқ – атвордаги ўрни доимий эмас. Улар мотивларни аниқлашда ёрдам бериши мумкин.