САМАРҚАНДНИНГ СОАТСОЗ МУТАФАККИРИ

Маънавий-маърифий, ғоявий-тарбиявий ишларимизнинг пировард мақсадини баркамол авлод, комил инсон шахси билан боғлар эканмиз, сўзсиз ўтмиш миллий-маънавий меросимизни, бой маънавий қадриятларимизни тарбиявий фаолиятимизнинг замин-пойдевори деб биламиз.
Маълумки, тарихда юзлаб самарқандий тахаллусида ижод қилган, номини дунёга машҳур кишилар яшаб ўтган. Ана шундай олимларимиздан бири, ХХ аср бошларида маърифатпарвар шоир, таржимон, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” (1926) унвони соҳиби сифатида танилган – Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий-Ажзий Самарқандийдир.
Ўша давр манбаларида маълумот беришча, Сиддиқий-Ажзийнинг ота-боболари Туркистонли бўлиб, темурийзода Абу Саид замонида, ХV асрда Самарқандга кўчиб келиб қолганлар. «Исми Саидаҳмадхўжа, унвони Сиддиқийдир. Ўзининг асосий касби бўлмиш эътибори ила ҳозир ҳам Самарқанд теграсида Ҳалвойи қишлоғида деҳқончилик билан машғулдир, деб ёзган эди 1924-йилда адабиётшунос Вадуд Маҳмуд.
Бухоролик Немаътулла Муҳтарам ХIХ аср адабиётини ўрганишда муҳим манба ҳисобланадиган «Тазкиратуш шуаро» асарида шоир Ажзий ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Ажзий заковат эгаси, фаҳму идроклилар сараси, хушмандлиғ равишининг ифодачиси, хирадмандлик истакларининг билимдони Ҳожи Саидаҳмадхўжа Самарқандийнинг тахаллусидирким, (ул зот) табъи дарахтининг меваси (ҳамиша) қанддек тотлиғ эрур ҳамда одамлар димоғи (анинг шеърлари атридан (доимо) муаттардир”.
Саидаҳмад 5 ёшларида отаси Ҳасанхўжа вафот этади. Онаси уни соатсоз уста Абдулқаюмга шогирдликка беради. Табиатан тиришқоқ бўлган Саидаҳмад соатсозлик ҳунарини пухта ўрганиб олади. Оила тебратиш учун тўқувчилик, заргарлик, соатсозлик ҳунарлари билан шуғулланади. Шу йилларда у Самарқанд мадрасаларида ўқишни ҳам давом эттирди.
Замондошларининг таъкидлашларича, Саидаҳмад ўзининг туғма (фитрий) қобилияти туфайли мустақил билим олишга киришди. Бирмунча муддат Бухоро мадрасасида ўқиди, аммо йўқчилик туфайли мадрасани тугата олмади.
Адабиётшунос Вадуд Маҳмуд Сиддиқий-Ажзий ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Бошлаб Сиддиқий яхши техникдур: соат ва турли мошиналарни тузатмоқ ишига моҳирдур… Мусиқа билан ҳам анча шуғуллангандур. Ўз тилидан бошқа араб, форс, рус тилларини билур… Самарқанд жадидларининг бошида Беҳбудий, Сиддиқий ва жадид мактабинниг муаллимларидан Шакурий ўлароқ расман такфир этишлариға сабаб бўлғондур».
Сиддиқий-Ажзий 1890-йилларнинг охирида муборак ҳаж сафарига отланади. Осиё ва Европанинг саноати тараққий этган шаҳарларида бўлади. У қаерда бўлмасин, у ердаги таълим-тарбия, маориф тизими билан танишади. Турк, араб, форс, рус тилларини анча мукаммал билган Саидаҳмад бирмунча муддат Жидда шаҳрида Русиянинг консулхонасида таржимон бўлиб хизмат қилгани ҳам маълум. У уч йиллик саёҳати давомида Русиянинг марказий шаҳарларида истиқомат қилади. Бир муддат Грузиянинг Тифлис шаҳрида яшайди.
Сиддиқий-Ажзий 1901 йилда катта таассурот, ижодий ва амалий режалар билан Самарқандга қайтди. У отасидан қолган боғни сотиб, пишиқ ғиштдан Оврупо усулида махсус мактаб учун бино қурдирди. Бу жадид педагоглари томонидан очилган мактаб учун биринчи оврупоча бино эди. Бу мактаб Ҳалвойи қишлоғи ва унинг атрофидаги ўндан ортиқ қишлоқлар учун маърифат маскани вазифасини бажариб келган.
Ўша пайтда мактабнинг довруғи нафақат Ҳалвойи қишлоғига ёки Самарқанд вилоятига, балки бутун Туркистон ўлкасига ёйилган. Мактабни кўргани, ундан ўрнак олгани узоқ-яқин жойлардан муаллимлар кела бошлаганлар. Мактабнинг ҳаммани ҳайратга солган яна бир хусусияти шунда эдики, синфда ўзбек, тожик болалари билан бирга рус болалари ҳам ўқиган. Рус тилини ўқитиш ҳам яхши йўлга қўйилган эди. Мутафаккир умрининг сўнгги 25 йилини шу мактабда ўқитувчилик қилади.
Шунингдек, ўша даврда бундай мактаблар учун дарсликлар яратиш, болаларбоп китоблар яратишдек долзарб масалаларни кун тартибига қўйган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сиддиқий-Ажзий, Абдуқодир Шакурий, Ҳожи Муин, Саид Ризо Ализода каби педагоглар ҳамкорлигида мактаб дарсликлари ва қўлланмалари билан савдо қилувчи «Зарафшон» номли дўкон ва кутубхона ташкил қиладилар.
Сиддиқий-Ажзий миллатининг ишқи, дарди билан суғорилғон бир шоирдир. Унинг бу ҳаяжонлари ясама эмас, табиийдир. Ўзининг «Миръоти ибрат»да эса шоир хаёлий мамлакатларга сафар қилади. Ўз орзусидаги Самарқандни чизиб беради. У озод, обод, фаровон, илм-фан самараларидан музайян эди. Унда, ҳатто шунчаки телевидение эмас, биз бугун гувоҳ бўлиб турган воқеалари ҳақида гап борарди. Самарқанднинг келажаги ҳақида эса, шундай сатрлар бор эди:
Боғ ичра зилол ариғда жорий,
Гуллар-ла дўлу ариғ канори.
Гулларда чекуб наво-ла булбул,
Сан ўйлаки, нағмасоз ўлуб гул…
Фаввора-ла су(в) дўкуб Регистон,
Фавворайи теграсинда бўстон.
Бўстон ила мадраса ароси,
Йўл ўлмишу на гўзал ҳавоси.
Фавворая су(в) веруб Зарафшон.
Бўстони эдарди гавҳар афшон…
Атрофини чашмаи сафойи,
Кавсар суйи янгли босафойи.
Маҳсур эдуб Ҳисор тошиндан,
Дуфроға у су(в) кетарди бошдан.
У майл ила ҳар эва бориб су(в),
Исми каби ташналарга дору.

Behruzbek Hamidov

Psixolog,Motivator,Web dasturchi

Related Posts

Behbudiyning publististik hayot yo’li

Ushbu maqolada Mahmudxo’ja Behbudiyning jadidchilik faoilyatidagi publististik ishlari, jamiyat rivojidagi bartaraf qilinishi lozim bo’lgan muammolar yuzasidan bildirgan fikrlari bayon qilingan

Buxoroda XIX asr oxiri va XX asr boshlarida maorif siyosatiga oid muammolar va ularning yechimlari.

Ushbu maqolada Buxoro xalq respublikasining tashkil qilinganidan keyin xalq ta’lim tizimida olib borilgan katta o’zgarishlar, maorif siyosati, respublikada tashkil qilingan xalq ta’lim nozirligi, maktablar, o’quv kurslarining, oliy ta’lim muassasalarining tashkil qilinishi haqida, maorif sohasi uchun ajratilgan mablag’lar, o’quv darsliklari va shu kabi ma’lumotlar yoritligan.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

+ 77 = 81

Akme Consalting !!!

Bizga qo‘shiling !

error: Ma\'lumotlar himoyalangan !!!
На платформе MonsterInsights